"Супер контракт" нархи қанча ва кимлар учун?

"Супер контракт" нархи қанча ва кимлар учун?

Тест натижалари чиқишни бошлагач, абитуриентлардан қўшимча контракт (халқ тилида "супер контракт") ҳақида саволлар кўпайди. Шуларни инобатга олиб, қўшимча контракт ҳақидаги айрим саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Қўшимча контракда ўқиш учун неча балл олиш керак?

Камида 56,7 балл тўплаган бўлиш керак. Ундан кам тўплаганлар ҳозирча қўшимча контрактда ўқий олмайди.

Қўшимча контракда ўқишни хоҳлаганлар қачон ариза бериш керак?

Етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқиш учун тест натижалари эълон қилингандан бошлаб 1 ой ичида ариза бериши керак.

Ариза қаерга берилади?

Қўшимча контрактда ўқиш истагида бўлганлар ОТМ ректори номига ариза беради.

Оширилган контрактнинг нархи қанча?

Оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

1-тоифа
Тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;

1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;

2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;

3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.

Масалан, кириш бали 140 бўлган дейлик. 139 балл тўплаган абитуриент контрактнинг 1,5 баробарини тўлайди. Масалан, асли 10 млн контракт бўлса, 15 млн сўм тўласа кифоя.
138,9 балл олган абитуриент эса 2 баробарини тўлайди, яъни 20 млн сўм. Ва ҳ.к.

2-тоифа

56,7 баллдан кўп тўплаган, лекин кириш чизиғига 4 баллдан кўпроқ етмай қолган абитуриентлар контракт суммасининг 10 бараваридан 25 бараваригача миқдорида тўлайди.


Масалан, яна ўша кириш 140 балл бўлган йўналишни мисол олсак, 135,9 баллдан кам 56,7 баллдан кўп тўплаганлар 2-тоифага тушади.

Жорий йилда 2-тоифа учун нархлар ҳали тасдиқланмади. Ўтган йилдаги нархларни қуйидаги манзилдан кўриб олишингиз мумкин.

Оширилган контракт ҳар йили тўланадими ёки бир марта?

Бир марта тўланади. Қўшимча қабул қилинган талабалар биринчи ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги ўқув йилидан бошлаб амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдори асосида (яъни эл қатори) ўқишини давом эттирадилар.

ЭСЛАТМА: 10 ёки 20 баробар дегани бу энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан эмас, ўша йўналишдаги контракт нархига нисбатан. Яъни контракт 10 млн сўм бўлса, 10 баробар бўлганда қўшимча контрактда 100 млн сўм тўланади.

@boshlangichuz